ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Ўзбекистоннинг айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларида 29 июлдан 1 августгача сел-сув тошқин ҳодисалари кузатилиши мумкин. Бу ҳақида Ўзгидромет хабар берди.
Сел-сув тошқин ҳодисалари Тошкент, Наманган ва Фарғона вилоятларида кузатилиши прогноз қилинмоқда.
Унга кўра сел-сув тошқин ҳодисалари қуйидаги ҳудудларда кузатилиши мумкин:
Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманларида ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида;
Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган ва Янгиқўрғон туманларида;
Фарғона вилоятининг Сўх, Шохимардон, Фар0она, Бешариқ туманларида.
Ўзгидромет тоғ олди ва тоғли ҳудудларда яшовчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришни сўради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига салқин ҳаво массаси кириб келиши давом этмоқда. Бугун Қорақалпоғистонда кечга томон баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.