Тошкентда ЮНEСКОнинг халқаро конференцияси ўтказилади

Тадбирда “Кичик ёшдаги болалар тарбияси ва таълими бўйича Тошкент ҳаракатлар дастури”ни қабул қилиш режалаштирилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Тошкент 14–16 ноябрь кунлари ЮНEСКОнинг II Бутунжаҳон конференциясига мезбонлик қилади. Sputnik мухбири хабар беришича бу ҳақида Мактабгача таълим вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
ЮНEСКОнинг эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича II Бутунжаҳон конференциясида икки минга яқин иштирокчи, жумладан халқаро ташкилотлар ва молия институтлари раҳбарлари, ЮНЕСКОга аъзо давлатлар таълим вазирлари, фан ва таълим соҳасидаги етакчи экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.
Конференцияда “Кичик ёшдаги болалар тарбияси ва таълими бўйича Тошкент ҳаракатлар дастури”ни қабул қилиш режалаштирилмоқда.
“Келажак кун тартибини белгилаймиз, 2030 йилгача таълимга оид масалаларни муҳокама қиламиз. Ҳар бир бола учун мактабгача таълим мавжудлигини таъминлаш мақсадида ‘йўл харитаси’ни ишлаб чиқамиз”, — дейди ЮНEСКО вакили Борхен Чакроун Sputnik мухбирига.
Халқаро вакиллар қайд этишича, мамлакатнинг ёш болаларни ўқитиш ва тарбиялашга бўлган садоқати туфайли Ўзбекистон бу соҳада “Жаҳон чемпионларидан бири” бўлди.

“ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда “Ақлвой” кўчма боғчалари, ўйин гуруҳлари ташкил этилган. Бундан ташқари, нафақат имконияти чекланган, балки олис маҳаллаларда яшовчи ва ўз ҳудудида таълим олиш имконига эга бўлмаган болаларни бориб кўриш учун кўнгиллилар ўқитиладиган таълим марказлари ташкил этилган”, дейди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил июль ойида Ўзбекистонда мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражаси 40,5 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 60 фоизга етди.
Мактабгача таълим муаммоларини ҳал этишга қаратилган лойиҳалардан бири бу кўчма боғчалардир. Жиҳозланган автобуслар мамлакатнинг қишлоқлари ва чекка ҳудудларига етиб боради. Улар мактабгача ёшдаги болаларни ўқитиш учун барча зарурий ўқув қуроллари билан жиҳозланган.
Ҳозирда кўчма автобуслар сони 48 тага тенг. Улар Ўзбекистоннинг энг чекка 96 та вилоятида фаолият кўрсатмоқда.
Лойиҳа доирасида 6,2 минг нафардан ортиқ бола мактабгача таълим олиш имкониятига эга бўлди.
Сўнгги беш йилда эса мамлакатда мактабгача таълим олувчи болалар сони 27 фоиздан 67 фоизга ошди. Жорий йилда давлат-хусусий шериклик дастури асосида яна 45 минг нафар бола мактабгача таълим билан қамраб олиниши кутилмоқда.