Ўзбекистон ва Афғонистон таълим соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди

Афғонларнинг республика таълим муассасаларида ўқиши юзасидан бир қатор лойиҳалар тайёрланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” халқаро конференцияси доирасида афғонистонлик талабаларни Ўзбекистонда таълим олиш имкониятларига бағишланган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақида Sputnik мухбирига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов маълум қилди.
Айтилишича, Сурхондарё вилоятида Афғонистон фуқароларини ўқитиш бўйича ўқув маркази ташкил этилди.
Марказ негизида турли соҳаларда фаолият юритаётган афғонистонлик мутахассислар учун қисқа муддатли курслар ва семинарлар ўтказилмоқда.
Бундай тадбирларда Афғонистон ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ва қишлоқ хўжалиги мутахассислари иштирок этмоқда.
Бундан ташқари, марказда БМТ Тараққиёт дастури лойиҳаси доирасида “Транспорт ва автотаъмирлаш”, “Тикувчилик иши”, “Информатика ва ахборот технологиялари”, “Агробизнес ва маркетинг” каби йўналишлар бўйича профессиональ ўқув курслари очилиши кутилмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик университети мана 60 йилдирки афғон тиллари – пушту, дари, шунингдек, Афғонистон тарихи бўйича мутахассислар тайёрлаб келмоқда.
Айни пайтда таълим муассасасининг 250 нафар талабаси ушбу тилларни асосий ва иккинчи хорижий тил сифатида ўрганмоқда. Шу тариқа Ўзбекистонда ўқиш истагини билдираётган афғон ёшлари сони ортиб бормоқда.
2021-2022 ўқув йилида республика олий ўқув юртларида афғонистонлик талабалар сони 223 нафарни ташкил қилди. Бу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан қарийб 5 баробар ошди.
Бундан ташқари, форумда икки давлат олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ва таълим олаётган афғон ёшлари сонини янада ошириш, ўқув марказларида кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.