ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Украина портларидан ғаллани хавфсиз ташиш бўйича ўзаро тушуниш ташаббуси қоидаларини амалга ошириш доирасида Истанбулда қўшма мувофиқлаштирувчи марказ иш бошлади. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
“Украина портларидан ғаллани хавфсиз ташиш бўйича ўзаро тушуниш ташаббуси қоидаларига мувофиқ, Истанбулда қўшма мувофиқлаштириш маркази ўз ишини бошлади”, деб таъкидланган хабарда.
Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, 26 июл куни россиялик мутахассислардан иборат илғор гуруҳ Истанбулга боради, улар тўрт томонлама форматда иш бошлайди.
“Россия делегациясига контр-адмирал Эдуард Луйк бошчилик қилмоқда. Қўшма мувофиқлаштириш марказидаги россиялик мутахассисларнинг асосий вазифаси ташаббусни амалга ошириш босқичига ўтиш учун барча зарур масалаларни тезкорлик билан ҳал қилишдан иборат бўлади”, дейилган хабарда.
22 июл куни Истанбулда жаҳон бозорларига озиқ-овқат ва ўғит етказиб бериш муаммосини ҳал этиш бўйича ҳужжатлар тўплами имзоланди.
Яна бир ҳужжат Украина томонидан назорат қилинадиган Қора денгиз портларидан ғаллани экспорт қилиш механизмини белгилайди. Россия, Туркия, Украина ва БМТ ўртасидаги келишувлар тўрт томонлама мувофиқлаштириш марказини ташкил этишни назарда тутади, унинг вакиллари қурол-яроғ контрабандаси ва провокацияларнинг олдини олиш мақсадида ғалла кемаларини текширади.