ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 28-29 июль кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари йиғилишида иштирок этади. Бу ҳақда Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова брифинг давомида маълум қилди.
Захарованинг сўзларига кўра, вазирлар ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган мажлисини мазмунли тўлдириш масалаларига асосий эътиборни қаратишади.
Таъкидланишича, ТИВ раҳбарлари йиғилишида халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб мавзулари юзасидан фикр алмашилади. Шунингдек, Лавров бир қатор икки томонлама учрашувларни ўтказишни режалаштирган.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти - минтақавий халқаро ташкилот бўлиб, унинг таркибига Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон киради.
2022 йилда ташкилотга раислик қилиш Ўзбекистонга ўтган. Сентябрь ойида мамлакатда ШҲТ давлат раҳбарларининг навбатдаги саммити бўлиб ўтади. Самарқанд шаҳри музокаралар платформасига айланади. Ушбу муҳим тадбирга тайёргарлик ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Ўзбекистон ШҲТ раислигида 80 дан зиёд тадбир ўтказилиши режалаштирилган. Шулардан аксарияти ўтказиб бўлинди.