ТОШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. Ўзбекистонда аномал иссиқ бошланган кундан то бугунга қадар Республика тез тиббий ёрдам хизматига жами 130 минг 115 та чақириқ келиб тушди. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
17 июлдан бугун, 20 июль соат 06:00 га қадар мурожаатчиларнинг 23 минг 421 нафарини қон босими кўтарилиши, нафас етишмовчилиги, астма хуружлари ва бошқа сурункали касалликлари бўлган беморлар ташкил этди. Уларнинг 4215 нафари эса госпитализация қилинди.
Қолаверса, шу кунлари Тошкент шаҳар “103” хизматига жами 11 минг 821 та чақириқ келиб тушган. Мурожаатларнинг 4 минг 235 нафарини қон босими кўтарилиши, нафас қисиши, астма ва бошқа касалликлар бўйича беморлар ташкил этди. Уларнинг 2 минг 185 нафари эса даволаниш учун шифохоналарга ётқизилган.
Айтилишича, жазирама ҳаво кузатилаётгани боис Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати йўлга қўйилди.
Унга кўра, мамлакатдаги 1010 та поликлиника, 923 та оилавий шифокор пунктида патронаж хизматлари кучайтирилиб, сурункали касалликларга чалинган ётоқ шароитидаги беморларга ўз вақтида зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, 2762 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқлар учун доимо шай ҳолатда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ССВ жазирама оқибатида тез тиббий ёрдамга чақириқлар сони, юрак қон-томир касалликлари ёки нафас олиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича ўрганишлар олиб борилаётгани ҳақида маълум қилганди.
Ҳозирда Ўзбекистонда аномал иссиқоб-ҳаво кузатилмоқда. Ўзгидромет бугун республиканинг кўплаб ҳудудларида максимал ҳаво ҳарорати +40 даражадан юқори бўлишини прогноз қилган.