ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. 18 июл куни Афғонистон ҳудудида "Термиз-Пешовар" темирйўл алоқасини ўрнатиш бўйича Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистоннинг қўшма лойиҳасининг йўналиши ва техник-иқтисодий асосларини аниқлаш бўйича экспедиция ишлари бошланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
"Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар" трансафғон темир йўли лойиҳасининг тахминий қиймати 5 миллиард долларни ташкил этади. Узунлиги 600 км бўлган темир йўли Марказий Осиё мамлакатлари учун Покистоннинг йирик денгиз портларига чиқиш йўлини очади.
Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, Покистондан Ўзбекистонга юк ташиш 35 кун эмас, 3-5 кун давом этиши, битта стандарт юк контейнерини ташиш нархи қарийб уч баробарга арзонлашиши кутилмоқда. Шу билан бирга, ушбу йўналиш бўйича юк ташиш ҳажми 10 миллион тоннага етиши мумкин.
Ўзбекистон бу лойиҳани "аср лойиҳаси" деб атамоқда. Хусусан, трансафғон темир йўли республика экспорт салоҳиятини оширишига ва транзит харажатларни камайтиришига, Жанубий Осиё бозорларига ва денгиз портларига яқин ва арзон чиқиш йўли очишига умид қилмоқда.
"Россия темир йўллари" Ўзбекистон билан биргаликда трансафғон темир йўлининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирган.