ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған кеча, 18 июл куни Швеция ва Финляндия террорчилик ташкилотларига қарши кураш бўйича шартларни бажармаса, Анқара бу икки давлатнинг НАТОга қўшилиш жараёнини музлатиб қўйиши мумкинлигини айтди. РИА Новости.
“Яна бир бор такрорлайман, агар талабларимиз бажарилмаса, жараён секинлашади. Айниқса, Швеция тўғри муносабат билдирмаётганини кўриб турибмиз”, деган Эрдоған вазирлар маҳкамаси йиғилишидан кейин халққа мурожаатида.
Туркия, Швеция ва Финляндия ташқи ишлар вазирлари жорий йил 28 июн куни Мадриддаги НАТО саммити доирасида шимолий давлатларнинг альянсга кириши йўлидаги тўсиқларни олиб ташлайдиган меморандумни имзолади.
Ҳужжатда террорчиликка қарши курашда Анқара билан, хусусан, Курдистон ишчилар партияси, унинг бўлимлари, шунингдек, Туркия террорчи ташкилот деб ҳисоблаган “ФЕТО ташкилоти” билан ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Туркия ҳукумати дастлаб Швеция ва Финляндиядан терроризмга қарши кураш бўйича ёзма мажбуриятларни талаб қилган.
18 май куни икки шимолий давлат НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди. Кутилганидек, улар Мадриддаги альянс саммитига қўшилиш таклифини олишлари керак эди, бироқ Туркия ветоси бу жараёнга тўсқинлик қилди.