Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати қандай бўлиши айтилди

Якшанба куни ҳаво ҳарорати баъзи жойларда 40-43 даражагача, жануб ва чўл ҳудудларда 45 даражагача кўтарилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 июл — Sputnik. Бугун ва дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳаво ҳароратининг аста-секин кўтарилиши давом этади. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Қайд этилишича, 15-16 июль кунлари республика бўйича ҳаво ҳарорати 36-41 даража атрофида, жанубда ва чўл ҳудудларда 42-43 даражагача бўлади. Якшанба куни иссиқнинг ошиб бориши давом этади, шу куни термометр устуни баъзи жойларда 40-43 даражагача, жануб ва чўл ҳудудларда 45 даражагача кўтарилади.
Иссиқ ҳаво кириб келиши шамолнинг кучайиши билан қайд этилади. Бугун ва эртага республиканинг шимолий ҳудудларида, шунингдек Бухоро ва Навоий вилоятларининг чўл ҳудудларида, якшанба куни эса республика бўйича баъзи жойларда шамол чанг-тўзонлар билан 15-20 м/с гача кучайиши кузатилади. 17 июлда айрим жойларда шамол 22-25 м/с гача кучайиши мумкин.