Ўзбекистон жамоаси Будапештдаги “Катта дубулға” турнирини 2 та медаль билан якунлади

Венгрия пойтахтида 8-10 июль кунлари дзюдо бўйича “Катта дубулға” турнири бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 июл — Sputnik. Дзюдо бўйича Ўзбекистон жамоаси Будапештдаги “Катта дубулға” турнирини битта кумуш ва бронза медали билан якунлади. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мусобақа 8-10 июль кунлари бўлиб ўтди. Унда етти нафар ўзбекистонлик спортчи қатнашди.
Мусобақанинг сўнгги кунида +100 кг вазн тоифасидаги мамлакат вакили Шоҳрух Бахтиёров бронза медали учун курашди. Финляндиялик Марти Пумалайненга қарши татамига чиққан Бахтиёров ажойиб ҳаракатлари билан ғалабани ўз томонига оғдира олди ва бронза медалига эга чиқди.
Шохрух Бахтиёров - узбекистанский дзюдоист.
Ушбу натижа билан спортчи ўз ҳисобига жаҳон рейтинги учун 500, Париж-2024 йўлида 250 рейтинг очкосини ёзиб қўймоқда.
Куни кеча ўзбекистонлик дзюдочи Раҳимжон Субҳонов кумуш медални қўлга киритган эди.
Шу тариқа, иккинчи таркиб билан ташриф буюрган терма жамоа ушбу мусобақани биттадан кумуш ва бронза медаллари билан якунлади.