ТОШКЕНТ, 10 июл — Sputnik. Венгрия пойтахти Будапештда ўтказилаётган дзюдо бўйича “Катта дубулға” мусобақасининг биринчи кунида ўзбекистонлик дзюдочи Раҳимжон Субҳонов кумуш медални қўлга киритди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
-66 кг вазн тоифаси финалида иштирок этган Субҳонов ҳал қилувчи беллашувда япониялик Олимпиада чемпиони Хифуми Абэга қарши муносиб курашган, бироқ имкониятни бой бериб қўйган ва кумуш медаль билан кифояланган.
“Шу тариқа, Субҳонов фаолиятида илк бор “Катта дубулға” турнирларида шоҳсупага кўтарилмоқда. Бундан ташқари у жаҳон рейтинги учун 700, Париж-2024 Олимпиадаси йўлида 350 очкони ўз ҳисобига қўйиб қўймоқда”, - дейилган хабарда.
Қайд этилишича, бунгача Субҳонов жаҳон рейтингида 197-поғонада жойлашган эди. Унинг бугунги кумуш медали янги ҳафтада кучли 50 таликка кириши учун замин яратади.