ТОШКЕНТ, 8 июл – Sputnik. Тошкентда 19 июль куни “Эрон-Ўзбекистон фан ва технологиялар форуми” ўз ишини бошлайди.
Айтилишича, 20 июль куни Эроннинг савдо ва технологиялар делегацияси Тошкентга ташриф буюради.
“Эрон делегациясининг ташрифи давомида амалга ошириладиган мақсадли вазифалардан бири икки мамлакат ўртасида технологик билимлар алмашинуви, қўшма корхоналарни ташкил этиш, инвестиция жалб қилиш ва саноатдаги зарур товарлар ҳамда эҳтиёжларни таъминлаш ҳисобланади”, дейилади хабарда.
Форумда Эрон делегациялари ва Ўзбекистон уюшмалари ва ташкилотлари, шунингдек, тижорат, ишлаб чиқариш ва дистрибютор компаниялари ўртасида “B2B” сессиялари ўтказилади.
Қайд этилишича, учрашувларда қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, тиббиёт, ахборот технологиялари ва озиқ-овқат саноати каби йўналишларда ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутилган.
Ушбу тадбирда иштирок этиш бепул.
Маълумот учун, Эрон Ислом Республикаси техник-муҳандислик хизматлари соҳасида кўплаб имкониятларга ҳамда бу соҳада 40 млрд долларлик экспорт салоҳиятига эга мамлакатдир.
Ҳозирги кунда Эрон фармацевтика маҳсулотларини Россия, Туркия, Ироқ, Сурия ва бошқа Лотин Америкаси мамлакатларига экспорт қилмоқда.