ТОШКЕНТ, 8 июл – Sputnik. Қозоғистон ҳукумати сентябрь ойи охиригача буғдой, буғдой уни, буғдой-жавдар уни ва кунгабоқар уруғлари экспортига чекловлар жорий этишга қарор қилди. Бу ҳақда мамалакат Молия вазирлиги Давлат даромадлари қўмитаси матбуот хизмати тарқатган ҳужжатда келтирилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, 30 сентябрга қадар бир қатор маҳсулотлар экспортига миқдорий чекловлар киритилган. Хусусан, белгиланган вақтга қадар учинчи давлатлар ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларига 550 минг тонна буғдой ва меслин (буғдой ва жавдар аралашмаси) ҳамда 370 минг тонна буғдой ва буғдой-жавдар унини экспорт қилиш мумкин.
Чекловлар 2022 йил 8 июлдан 30 сентябгача амал қилади.
Қўмитанинг тушунтиришича, бу чора-тадбирлар мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда.
Аввалроқ, Қозоғистон Қишлоқ хўжалик вазирлиги апрель ойида дон ва ун олиб чиқиш учун квоталар жорий қилган эди. 15 июнгача мамлакатдан 1 миллион тоннадан ошиқ буғдой ёки меслин, шунингдек, 300 минг тоннадан кўп ун олиб чиқиш мумкин эмасди.
Қайд этиш керак, Ўзбекистон буғдой ва буғдой унининг катта ҳажми (тахминан 90 фоизни) Қозоғистондан импорт қилади.