Сурхондарёда яна бир неандертал одам макони аниқланди

Ғор ичида қадимги тош қуроллар,думалоқ ўчоқ қолдиқлари ва кул сақланиб қолган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. Сурхондарёнинг Хатак ғоридан 100-60 минг йил олдин яшаган неандертал одами ҳаётининг тўлиқ ва бузилмаган манзараси топилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Пещера Хатак в Сурхандарьинской области
Айтилишича, ўтган йили Шеробод туманида жойлашган Сурхон давлат қўриқхонаси, Хатак бўлими, Боғли дара массивида 100-40 минг йилликка оид неантертал одам макони топилган. Ҳозирда археологлар қазишма ишларини олиб боришмоқда.
Қазишма давомида 100-60 минг йил олдин яшаган неандертал одами ҳаётининг тўлиқ ва бузилмаган манзараси (кул, думалоқ ўчоқ қолдиқлари) сақланиб қолганлиги аниқланди.
Шунингдек, вертикал қоянинг юзасида 15-20 м баландликда ҳосил бўлган ва кириш жуда қийин бўлган қисмида тош қуроллар, ёввойи ҳайвонларнинг майдаланган суяклари ҳам топилди.
“Ғорнинг фан учун аҳамиятли томони шундаки, Сурхондарё вилоятининг нафақат тоғли Бойсун тумани, балки Шеробод тумани ҳам илк инсонлар макони сифатида ўз исботини топди”, дейилади хабарда.
Ҳозирда қазишма ишлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Сурхондарё вилояти Шеробод туманида палеолит даврига оид ёдгорлик топилганди. Унда Кўҳитанг тоғининг ички қисмида кўплаб ғорлар шакллангани ва уларнинг бирида ибтидоий одам аждодлари мавсумий бошпана сифатида фойдалангани аниқланган эди.
Сурхондарёдан яна бир неандертал одам макони аниқланди