Тошкентда Уруш қурбонлари хотираси ёд олинди – видео

Улуғ Ватан урушида Ўзбекистоннинг 1,9 миллиондан ортиқ аҳолиси қатнашган ва уларнинг 540 мингдан ортиғи қурбон бўлган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 июн — Sputnik. Ўзбекистон пойтахти аҳолиси бугун тонгда “Биродарлик қабристони” ёдгорлик мажмуасидаги Мангу алангага гуллар олиб келишди. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар берди.
1941 йил 22 июнь куни фашистлар Германияси уруш эълон қилмасдан Собиқ Иттифоқ ҳудудига бостириб кирган, миллионлаб совет одамлари қурбон бўлган Улуғ Ватан уруши бошланган эди. Шу саба ушбу кунда Уруш қурбонларини хотираси ёд олинади.
Бугунги маросимда Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Мальгинов, Тошкентдаги Рус уйи раҳбари Михаил Вождаев, республика расмийлари, хорижий дипломатлар, жамоатчилик вакиллари, ёшлар, журналистлар ҳам келди. Улар Мангу олов ёнига гул қўйди ва Улуғ Ватан уруши қурбонларининг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Кеча кечаси “Биродарлик қабристони” ёдгорлик мажмуаси ҳудудида “Хотира шами” акцияси бўлиб ўтган эди. Унга бир неча юз киши ташриф буюрди.
Иштирокчилар шамлардан “1941 йил 22 июнь”, “Эслаб қоламиз” ёзуви, шунингдек, уруш йилларида Тошкентда ишлаб чиқарилган Ли-2 самолёти компазициясини яратди.
Тадбир “Ғалаба кўнгиллилари”нинг Ўзбекистондаги халқаро ваколатхонаси, Тошкентдаги Рус уйи томонидан Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.
Россия архивларидан олинган маълумотларга кўра, Улуғ Ватан урушида Ўзбекистоннинг 1,9 миллиондан ортиқ аҳолиси қатнашган. Уларнинг 540 мингдан ортиғи ҳалок бўлган, 160 мингга яқини бедарак йўқолган.
Бугунги кунда республикада 500 га яқин уруш қатнашчиси, 10 мингдан ортиқ меҳнат фронти меҳнаткашлари истиқомат қилади.