ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. Россиялик ҳарбий журналист, Миллий гвардия матбуот хизмати ходими, полковник Сергей Постнов Украинадаги махсус ҳарбий операция вақтида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги марказий аппарати фахрийлар кенгаши сайтида хабар берилди.
“2022 йил 13 июндан 14 июнга ўтар кечаси ҳарбий журналист, Россия гвардияси оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқалар 1-бўлими ахборот-жавоб гуруҳи бошлиғи, полковник Сергей Постнов ҳарбий хизмат бурчини ўтаётган вақтда бу ҳаётдан кўз юмди”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, марҳум журналист Харьков вилояти ва Луганск Халқ Республикасининг бир қатор шаҳар ҳамда қишлоқларини озод қилиш жараёнини ёритган.
У тўрт ойдан кўпроқ вақт давомида Украинадаги махсус ҳарбий операцияда иштирок этган.
Маълумот учун, Постнов 2002 йилда Россия Мудофаа вазирлиги Ҳарбий университетининг маданият ва журналистика факультетини тамомлаган ҳамда Ички ишлар вазирлигининг ички қўшинларига ишга кирган.
У “Зоркий часовой” туман газетасида мухбир, сўнгра муҳаррир бўлиб ишлаган, шунингдек, “На боевом посту” ҳарбий журнали таҳририятида ҳам узоқ муддат фаолият кўрсатган. Постнов турли мукофотларга, жумладан, 2-даражали “Ватанга хизматлари учун” ордени ва Суворов медали билан тақдирланган.