ТОШКЕНТ, 14 июн — Sputnik. Нью-Йоркда Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Иброҳимов ва Антигуа ва Барбуданинг БМТдаги доимий вакили Уольтон Альфонсо Вебсон томонидан дипломатик муносабатларни ўрнатиш тўғрисида қўшма коммюнике имзоланди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.
Ўзбекистон ҳамда Антигуа ва Барбуда ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди
© ИА "Дунё"
Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.
Ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини излаш учун икки томонлама алоқаларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
“Биз ушбу келишув Антигуа ва Барбуда ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги ижтимоий ва маданий муносабатларни мустаҳкамлашга кўмаклашишига ишонамиз. Биз глобал бирдамлик ва глобал тинчлик йўлида биргаликда ишлаётганимиз учун иқтисодий жиҳатдан ҳам алоқаларни мустаҳкамлашга умид қиламиз”, - дейди Уольтон Альфонсо Вебсон.
Маълумот учун, Антигуа ва Барбуда Ўзбекистон дипломатик алоқалар ўрнатган 141-давлат бўлди. Ушбу давлат Кариб денгизининг ғарбий қисмида жойлашган. У Британия Ҳамдўстлиги, шунингдек Америка Давлатлари Ташкилоти аъзоси ҳисобланади.