ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Қўқон давлат педагогика институтининг бир гуруҳ талабалари Гавҳар Ражапова бошчилигида Россиянинг Қозон Федерал унуверситети Елабуга филиалида амалиёт ўтамоқда. Бу ҳақда институт матбуот хизмати хабар берди.
Қўқонлик талабаларни Елабуга институти директори Элена Мерзон қабул қилди. Учрашувда Элена Мерзон икки олий ўқув юрти ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилаётганини таъкидлади.
Директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Ирина Михайлова талабаларга Елабуга институти тарихи, кадрлар тайёрлаш йўналишлари, шунингдек, амалга оширилаётган таълим дастурлари билан батафсил таништирди.
Талабалар 15 июнга қадар бюджет тизими, суғурта, инвестиция, психология, рақамли таълим, дизайн ва таълим жараёнларини амалга ошириш, таълим ташкилоти фаолиятининг меъёрий-ҳуқуқий асослари ҳамда бошқа фанлар бўйича янги билим ва кўникмаларга эга бўлишади.
Шунингдек, улар ташриф якунига қадар институтнинг моддий-техник базаси, Татаристоннинг маданий пойтахти тарихи ва бугуни, Марина Тсветаева уй-музейи билан яқиндан танишади. Ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган “Сабантуй” байрамида иштирок этишлари ҳам кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Ўзбекистон олий ўқув юртларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича 25 нафар проректори Қозон Федерал университети қошидаги малака ошириш курсларига юборилган эди.