ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев 3 июнь куни Мўғулистон йўллар ва транспортни ривожлантириш вазирлиги Фуқаро авиациясини ривожлантириш департаменти Бош директори Мунхтуя Чимеддорж хоним билан учрашди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, учрашувда томонлар мамлакатлар ўртасида транспорт соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама этган. Хусусан, Ўзбекистон ва Мўғулистон ҳукуматлари ўртасида Ҳаво қатнови тўғрисида ҳамда халқаро автомобиль ташувлари тўғрисида битимни тузиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Томонлар халқаро автомобиль ташувлари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, миллий ташувчиларга қулай шарт-шароитларни яратиш, янги транспорт коридорларини очиш, жорий бозорлари шароитларини ўрганиш мақсадида ҳукуматлараро тегишли битим имзолангунга қадар рухсатнома бланкаларини айрибошлашга келишиб олди.
Учрашув якунида Ўзбекистон транспорт вазирлиги ва Мўғулистон йўллар ва транспортни ривожлантириш вазирлиги ўртасида ўзаро англашув тўғрисидаги протокол имзоланди.