Хитой, санкцияларни бузмаган ҳолда, Россияга ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда - ОАВ

ХХР етакчиси Ғарб санкцияларини бузмаган ҳолда Россияни молиявий қўллаб-қувватлаш йўлларини топишга кўрсатма берган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 июн - Sputnik. Хитой ҳукумати Ғарб санкцияларини бузмаган ҳолда Россияга ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда “The Washington Post” Пекиндаги ҳукумат манбаларига таяниб, хабар берди.
Манбалар энг муҳим стратегик шеригига ёрдам беришга интилаётган Хитойнинг позициясини “қийин масала” деб атади.
Уларнинг сўзларига кўра, Хитой раҳбари Си Цзиньпин ўзининг энг яқин маслаҳатчиларига Ғарб санкцияларини бузмаган ҳолда Россияга қандай молиявий ёрдам кўрсатишни ўйлаб кўришни топширган.
Манбалардан бирининг таъкидлашича, камида икки марта Москва Пекиндан иқтисодий ёрдамнинг янги шаклларини таклиф қилишни сўраган. Россиянинг Хитойга қўяётган талаблари 24 февралдаги махсус ҳарбий операция олдидан олинган “савдо мажбуриятлари”ни бажарилиши, шунингдек, АҚШ ва бошқа давлатлар томонидан санкция киритилган молиявий ҳамда технологик ёрдамни ўз ичига олади.
Номи ошкор этилмаган Хитой расмийлари газетага Москва Пекиндан “қурол ва ўқ-дорилар” сўрамагани ҳамда Хитой ва Россия ўртасидаги бизнес алоқалари давом этишини айтди.
“Хитой Россия олдидаги мажбуриятларини бажаришга тайёр ва буни тегишли шартлар бажарилганда амалга оширади”, деди газетага Пекиндаги масаладан хабардор манба.
“Хитой Украинадаги вазият ва Россияга қарши ноқонуний санкциялар бўйича ўз позициясини аниқ билдирди. Биз [Москванинг] ҳозирги аҳволини тушунамиз”, дея қўшимча қилган у.
Шунингдек, манба Вашингтоннинг Пекинга қарши огоҳлантиришларининг асл сабаби Хитой ва Россия ўртасида келишмовчиликни келтириб чиқаришга уриниш эканлигига ишонч билдирган.
“Бу содир бўлмайди. Улар [америкаликлар] Хитой-Россия муносабатларига путур етказа олмайди”, деди у.
Аввалроқ, Россиянинг Харбиндаги бош консули Владимир Ошепков Россия ва Хитой компаниялари бирга Ғарб санкциялари туфайли юзага келган харажатларни қоплаш чоралини излаётганини айтган эди.