Қурол ва ўқ-дориларни ҳадя этиш тақиқланди

Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 июнь — Sputnik. “Қурол тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистонда фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини ҳадя этиш тақиқланди.
Фуқаролар ва махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахсларнинг ходимлари қуролга эгалик қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги юзасидан даврий тиббий текширувдан ўтказилади.
Қонунда хизмат қуролига ҳамда фуқаровий қуролга эгалик қилишга монелик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар рўйхатлари ҳам белгиланди.

“Прокуратура тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришлар

Прокуратура органлари ходимлари хизмат қуролини ва шахсий ҳимоя воситаларини қонунчиликда белгиланган тартибда сақлаш, олиб юриш ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди. Илгари фақатгина олиб юриш мумкинлиги кўрсатилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишлар

Ўқотар ов қуролини, пневматик ов қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш ёки мусодара қилиш асосий тирикчилик манбаи овчилик бўлган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Ов қилиш ва балиқ овлаш, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди.