Акциз ошиши бензин нархига таъсир қилмайди - “Ўзбекнефтгаз”

Акциз солиқ ставкалари ўзгариши ҳисобига бугунги кунда 1 литри 6 800 сўмни ташкил қилаётган Аи-80 маркали автобензиннинг чакана нархи ошмайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. 2022 йил 1 июндан акциз солиқ ставкалари миқдорларининг ўзгариши ҳисобига “Ўзбекнефтгаз” АЖ АЁҚШларида бензин нархи ошмайди. Бу ҳақда мазкур АЖ матбуот хизмати хабар берди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги UNG Petro АЁҚШларида 1 июндан акциз солиқлари бўйича киритилаётган ўзгаришлар ҳисобига бугунги кунда 1 литри 6 800 сўмни ташкил қилаётган Аи-80 маркали автобензиннинг чакана нархи ошмайди”, дейилади хабарда.
Нефть маҳсулотларига солинадиган акциз солиқ ставкалари:
1 тонна Аи-80 маркали автобензин: амалда – 240 000 сўм, 1 июндан – 275 000 сўм (ўзгариш 35 000 сўм ёки 15 %);
1 тонна Аи-90 ва ундан юқори маркали автобензин: амалда – 275 000 сўм, 1 июндан – 275 000 сўм (ўзгаришсиз);
1 тонна дизель ёқилғиси: амалда – 240 000 сўм, 1 июндан – 264 000 сўм (ўзгариш 24 000 сўм ёки 10 %);
1 тонна ЭКО дизель ёқилғиси: амалда – 216 000 сўм, 1 июндан – 237 600 сўм (ўзгариш 21 600 сўм ёки 10 %).
Қайд этилишича, “Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ қатор нефть маҳсулотлари ва якуний истеъмолчига сотиладиган товарларга солинадиган акциз солиқ ставкаларига жорий йил 1 июндан ўзгартиришлар киритилмоқда.
Хусусан, АИ-80 бензини мисолида кўрилганида, АЁҚШларда ўртача нарх таркибидаги мавжуд солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ўртача 71 сўмгача (ҚҚС билан) бўлган миқдорда чакана нархига таъсир қилиши мумкин.