ТОШКЕНТ, 30 май — Sputnik. Дастлабки прогнозларга кўра, бу йилнинг июнь ойи ўртача иссиқ бўлади. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар бермоқда.
Июнь ойида ўртача ойлик ҳарорат меъёр атрофида, республика шимоли бўйича баъзи жойларда асосан меъёрдан +1...+2 даражага юқори бўлиши кутилмоқда. Ой давомида республиканинг марказий ва шарқий ҳудудларида кундуз кунги ҳарорат +29...+32 даражадан +36...+39 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.
Республиканинг шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида энг иссиқ даврларда ҳаво ҳарорати +40...+42 даражагача кўтарилади.
Июнь ойида ёғингарчилик меъёрдан кам, марказий ва шарқий ҳудудларда баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.
Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида июнь ойида кучли жала ёмғирлар ёғиши энг хавфли деб ҳисобланади, чунки улар сел ва сув тошқинлари ўтишига сабаб бўлиши мумкин.
Кейинчалик ёзнинг охиригача ўртача ҳарорат меъёр атрофида ва меъёрдан деярли юқори бўлиши тахмин қилинмоқда.
“Ёз аномал иссиқ бўлмайди, лекин жуда иссиқ об-ҳаво даврлари, албатта, истисно қилинмайди. Бу мамлакатимиз иқлимининг ўзига хос хусусиятларидан биридир”, - дея хулоса қилишган синоптиклар.