Болалар куни муносабати билан пул тарқатилаётгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Ижтимоий тармоқларда 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига президентдан совға сифатида барча болаларга 200 минг сўмдан пул берилиши тўғрисида хабарлар тарқалди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 май — Sputnik. Ўзбекистонда 1 июнь куни муносабати билан ҳамма болалар учун 200 минг сўм берилиши тўғрисидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси директори Абдулазиз Ҳайдаров АОКАда ўтказилаётган матбуот анжуманида маълум қилди.
Ҳайдаровнинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқлардаги норасмий хабарларга ишонган фуқаролар Халқ банки кассаларига бориб, маблағ берилишини талаб қилишмоқда.
“Ижтимоий тармоқларда болалар куни муносабати билан пул тарқатиляпти деган мазмунда гап-сўзлар тарқалмоқда. Ушбу хабарлар мутлақо ёлғон, пуллар президент қарорида белгиланган фуқароларгагина тарқатилади”, - дейди Ҳайдаров.
Аввалроқ айрим тоифадагиларга бир марталик ёрдам пули берилиши хабаридан сўнг фирибгарлар фаоллашгани хабар қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 25 майдаги қарори билан, жумладан, фақат “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига 200 минг сўмдан бир марталик ёрдам пули бериш белгиланган.