Коррупция содир этган шахс давлат хизматига қабул қилинмайди - Сенат

Янги қонун давлат хизмати хизматчиларининг тоифаси, мақоми, малака даражаси, уларга қўшимча ҳақ тўлаш билан бирга уларнинг масъулиятини ҳам оширади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 май - Sputnik. Коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди.
Бу ҳақида 28 май куни бўлиб ўтаётган Сенатнинг йигирма олтинчи ялпи мажлисида маъқулланган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонунда айтиб ўтилган.
Қонун билан давлат хизматчиларининг фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КPI) асосида баҳоланиши қатъий белгиланмоқда. Коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди, - дейилган хабарда.
Муҳокама қилинган Қонун нормалари фақатгина давлат реестрига киритиладиган лавозимларда фаолият юритаётган давлат хизматчиларига нисбатан татбиқ этилади.
Шу билан бирга, Қонунда халққа хизмат қилиш давлат фуқаролик хизматининг асосий принципларидан бири этиб белгиланмоқда.
Янги қонун давлат хизмати соҳасини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари яратилади. Хусусан, давлат хизматчиларининг тоифаси, мақоми, малака даражаси, уларга қўшимча ҳақ тўлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда уларнинг масъулиятини ҳам янада оширишга хизмат қилади.
Сенат аъзолари ушбу Қонунни маъқуллади.