ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. 26-28 май кунлари Сурхондарё вилояти маркази – Термиз шаҳрида дзюдо бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон кубоги бўлиб ўтади.
“Сурхон Арена” спорт саройи мезбонлик қилувчи ушбу мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан дзюдочилар ғолиблик йўлида татамига чиқади.
Ўзбекистон дзюдо федерациясидан маълум қилишларича, уч кун давом этадиган мамлакат кубогида айни пайтдаги ўз вазн тоифаларининг биринчи рақамли дзюдочилари иштирок этмайди. Чунки улар ҳозирда Самарқанд ва Тошкент вилоятида ўтказилаётган ўқув-машғулот йиғинларида Грузия ҳамда Хорватиядаги халқаро турнирларга тайёргарлик кўряпти.
Бугун Ўзбекистон кубогида дзюдочиларни рўйхатдан ўтказиш, бешта вазн тоифаси учун вазн ўлчаш ҳамда қуръа ташлаш маросимлари бўлиб ўтади.
Эртага мусобақанинг биринчи куни эркаклар ўртасида -60, -66, аёлларда эса -48, -52 ва -57 кг вазн тоифаларида ғолиб ҳамда совриндорлар номи маълум бўлади