ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik. 22 май куни Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Абдулазиз Камилов Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал ибн Фархон ибн Абдулла билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда “Saudi Press Agency” хабар берди.
“Бугун Ташқи ишлар вазири Файсал ибн Фархон ибн Абдуллага Ўзбекистон Президентининг махсус вакили жаноб Абдулазиз Камилов томонидан қўнғироқ қилинди”, дейилади хабарда.
Мулоқот чоғида икки томонлама муносабатлар ва уларни мустаҳкамлаш йўллари кўриб чиқилган, шунингдек, минтақавий ва халқаро майдондаги сўнгги ўзгаришлар ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар муҳокама қилинган.
Эслатиб ўтамиз, март ойида Абдулазиз Камилов саломатлиги билан боғлиқ муаммо туфайли хорижда даволанаётгани айтилган эди.
Апрель ойи охирларида Ўзбекистон президентининг тегишли фармонлари билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллаб келган Абдулазиз Камилов Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажариш эса Владимир Норов зиммасига юклатилган эди.