АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси номзоди эълон қилинди

Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 май - Sputnik. Президент Жо Байден 20 май куни АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси номзодини эълон қилди, деб хабар қилмоқда ЎзА, АҚШ ОАВига асосан.
"АҚШ раҳбари Жо Байден мамлакатнинг Ўзбекистондаги навбатдаги элчиси сифатида узоқ йиллик тажрибага эга дипломат Жонатан Ҳеник номзодини кўрсатди", - дейилган хабарда.
Номзод Конгресснинг юқори палатаси, Сенат тасдиғидан ўтиши керак. Американинг Тошкентдаги ҳозирги элчиси Даниел Розенблум фаолиятини бошлаганига уч йилдан ошди.
Жонатан Ҳеник (Jonathan Henick) - Колумбия университетида халқаро алоқалар бўйича магистрлик даражасига ва Гавая университетидан Phd даражасига эга. У АҚШ Ташқи ишлар вазирлигида 20 йилдан буён ишлайди. Ҳеник Жанубий ва Марказий Осиё бўйича Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари ва жамоатчилик дипломатияси бўйича директор вазифаларида ишлаб келган.
Жонатан Ҳеник, АҚШнинг Озарбайжон, Туркия, Португалия ва Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналарида ҳам хизмат қилган. Асли Нью-Йоркдан бўлган Ҳеник рус, португал, турк ва озарбайжон тилларини билади.