ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. Исроилдаги Ал-Ақсо масжиди кутубхонасида сақланаётган Имом ал-Бухорий ва Исо ат-Термизийнинг нодир қўлёзмалари электрон нусхаси Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзархив” агентлик ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев маълум қилди.
Қўлёзмаларнинг электрон нусхаларидан ташқари Исроил давлат архиви сақловидаги Бухоро яҳудийлари уюшмасига тегишли ҳужжатлар тўплами (1940-1960 й.) ва Ўзбекистоннинг илк мустақиллик байрами билан табрикнома ва табрик учун билдирилган ташаккурнома хатлар тўплами (1992 й.) нусхалари олиб келинган.
“Агентлик 12 та хорижий давлатнинг манфаатдор ташкилотлари билан 15 та икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик ҳужжатларини имзолади. Улар орасида Россия, Қозоғистон, Миср, Украина, Корея, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Венгрия, Исроил Давлати, Польша, АҚШ каби давлатларнинг нуфузли архив ва музей идоралари бор”, - дейди Анваржон Алиев.
Ҳозирда иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистон ҳудудига эвакуация қилинганлар тақдирига алоқадор маълумотларни ўз ичига олган архив ҳужжатларини каталоглаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, Туркия томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистон-Туркия алоқалари ҳужжатларда” номли китоб-альбом нашрга тайёрланмоқда.
Агентлик Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) иштирокчи давлатлари архив хизматлари раҳбарларининг Маслаҳат кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги МДҲ Иқтисодий кенгашининг қарорига расман қўшилган.
Агентлик тизимидаги миллий архивлар ва давлат архивлари ўқув залларига Россия, Исроил, Германия, Канада, Польша, Австрия, АҚШ, Буюк Британия, Франция каби хорижий мамлакатлардан жами 25 га яқин тадқиқотчи ташриф буюрган. Улар ўзларининг тадқиқот ишлари бўйича тегишли архив материалларидан фойдаланган.