ОКМКда техноген чиқиндилардан олтин ва кумуш олиш йўлга қўйилди

Ишлаб чиқаришда қўлланилган янги технология йилига 59,2 млн доллар даромад олиб келади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Мис эритиш заводининг Металлургия цехида конвертер тошқолларини майдалаш участкаси фаолияти йўлга қўйилди. Эндиликда заводда техноген чиқиндилардан йилига қўшимча 789 тонна мис катоди, 58 кг олтин ва 442 кг кумуш ажратиб олинади. Бу ҳақда ОКМК хабар берди.
Мис катоди, олтин ва кумушлар 24 000 тонна техноген чиқиндиларни қайта ишлаш натижасида олинади.
АГМК
Айтилишича, техноген чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳаси учун ортиқча маблағлар сарф этилмади.
“Мисни бойитиш фабрикасини реконструкция қилиш давомида алмаштирилган майдалагич (дробилка) металлоломга топширилмади, аксинча унга “иккинчи ҳаёт бахш этилди”. Натижада мазкур объектни ишга тушириш учун 395 минг доллар маблағ сарфланди”, дейилади хабарда.
Мис штейнларини конвертерлаш жараёнида ҳосил бўладиган техноген чиқиндилар (тошқоллар), айланма материалларини майдалаш ҳамда клинкер (рух ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган чиқинди) билан хомашё қоришмаси тайёрланиб, Ванюков печида тўғридан-тўғри эритилади.
Хомашёдан мис тайёр маҳсулотини ажратиб олиш кўрсаткичи 93,87% ташкил этади. Бунинг натижасида қўшимча маҳсулот олишга эришилади.
Ишлаб чиқаришда қўлланилган янги технология йилига 7,04 млрд сўм маблағларни тежаш имконини беради.
Қолаверса,Рух заводи ҳам техноген чиқиндиларини қайта ишлаш жараёнига жалб қилинди. Рух заводининг 96 000 тонна техноген чиқиндиларини (клинкер) қайта ишлаш эса қўшимча 2 028 тонна мис катоди, 121,2 кг олтин ва 29,9 тонна кумуш олиш имкониятини яратади.
Техноген чиқиндиларни қайта ишлаш натижасида йилига 59,2 млн доллар даромад олинади.
Қайта ишлаш бўйича йилига 26,2 млн доллар миқдорида маблағ сарфланиб, 32,9 млн доллар иқтисодий самарадорликка эришилиши кутилмоқда.