Мирзиёев ва Бердимуҳамедов қатор долзарб масалаларни муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти ва Туркманистон Миллий кенгаши Халқ маслаҳати раиси стратегик шериклик муносабатларни янада мустаҳкамлашни муҳокама қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Миллий кенгаши Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Сермаҳсул парламентлараро мулоқот, шу жумладан минтақавий форматда ҳам ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Мирзиёев Туркманистон томонини жорий йил 12-13 май кунлари Ашхобод шаҳрида халқаро тадбирлар - Марказий Осиё мамлакатлари ва Россиянинг биринчи Парламентлараро форуми ҳамда Хотин-қизлари мулоқоти муваффақиятли ўтказилгани билан самимий қутлади.
Форум ишини мунтазам йўлга қўйиш, унинг доимий фаолият юритадиган котибиятини тузиш таклифи қўллаб-қувватланди.
Халқаро кун тартиби юзасидан, минтақавий ҳамкорликни давом эттириш ва кўп томонлама ташкилотлар доирасидаги самарали шерикликни ривожлантириш, шу жумладан Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга, унинг иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари бўйича фикр алмашилди.