Ҳарбий тиббиёт тарихида илк бор буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти ўтказилди

Марказий ҳарбий клиник госпиталида илк бор буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти захирадаги сержантда ўтказилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 май — Sputnik. Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпиталида илк бор буйрак трансплантация амалиёти ўтказилди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг Sputnik мухбирига маълум қилишича, жарроҳлик амалиёти буйрак етишмовчилиги хасталиги сабаб ҳарбий хизматдан захирага ўтказилган сержант Шуҳрат Зиётовда ўтказилган. Унга унинг турмуш ўртоғи донор бўлди. Амалиёт 7 соатдан ошиқ вақт давом этган.
В военном госпитале впервые провели операцию по пересадке почки
Бемор Шуҳрат Зиётов 18 йилдан ортиқ вақт давомида ҳарбий хизматда бўлган. 2018 йили соғлигида муаммо кузатилгач, захирага ўтказилган. Ўтган вақт давомида соғлиги яхшиланавермагач, Мудофаа вазирлиги раҳбариятига кўмак сўраб мурожаат қилган.
Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослашган жарроҳлик маркази мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказилган текширув-диагноз натижаларига кўра, буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти зарурлиги аниқланган.
Операциягача бўлган вақт давомида керакли барча дори-дармон, муолажалар бепул ўтказилди.
“Ҳозирда иккалаларининг ҳам аҳволи яхши. Бу жарроҳлик амалиётини ўтказишда Мудофаа вазирлигининг ўрни катта. Зарур жарроҳлик асбоб-ускуналари ҳамда дори-дармонлар билан тўлиқ таъминлаб беришди. Қолаверса, бундан буён бемор ва донорнинг тўлиқ тузалиб кетгунига қадар назорат остида бўлади”, - дейди бош жарроҳи Улуғбек Расулов.
Маълумот учун, яқин кунларда ҳарбий госпиталнинг янги 8 қаватлик биноси тўлиқ фойдаланишга топширилади. У ерда нафақат ҳарбий соҳа вакиллари ва уларнинг оила аъзолари балки, бошқа фуқароларга ҳам тиббий хизмат кўрсатилади.