Россияда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг 10 та ваколатхонаси очилади

Россиянинг яна ўнта ҳудудида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари очилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 май — Sputnik. 2022 йил 1 июндан бошлаб Россиянинг яна ўнта ҳудудида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари очилади ва уларнинг умумий сони 16 тани ташкил этади.
Бу ҳақда агентлик матбуот хизматига таяниб, “РИА Новости” хабар берди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Амур, Волгоград, Воронеж, Иркутск, Нижний Новгород, Тула вилоятлари, Краснодар, Красноярск, Перм вилоятлари, Ханти-Мансийск автоном округида янги бўлимлари очилади.
Агентлик матбуот хизмати хабарига кўра, 10 май куни ваколатхоналар раҳбарлари иш бошлаш учун Россия шаҳарларига жўнаб кетган. Улар аввал Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида таҳсил олган.
Илгари Москва, Екатеринбург, Новосибирск, Санкт-Петербург, Самара, Уфа шаҳарларида бўлим идоралари фаолият кўрсатган.
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдиновнинг таъкидлашича, мазкур ваколатхоналар қошида мигрантлар ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш марказлари ҳам ташкил этилмоқда. Уларнинг вазифалари орасида ватандошлар ва иш берувчилар ўртасидаги меҳнат низоларини кўриб чиқиш ҳам бор.
Умуман олганда, 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, Россияда 1 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси меҳнат қилмоқда, бу хорижда меҳнат қилаётган республика резидентларининг 67,3 фоизини ташкил этади.
2017 йил 5 апрелда Ўзбекистон фуқароларини Россия ҳудудида вақтинчалик меҳнатга уюшган ҳолда жалб қилиш ва жалб этиш тўғрисидаги шартнома имзоланган.