ТОШКЕНТ, 10 май — Sputnik. Фарғонада илк бор атеросклероз касаллигига чалинган икки нафар беморда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
ССВга кўра, беморлардан бири йигирма беш йил юқори қон босимидан азият чекиб келган. Айниқса, охирги йиллар кучли бош оғриғи, ҳушдан кетиш, қўл-оёқларда ҳолсизлик, нутқ чалкашиши, кўриш қобилиятининг сустлашиши каби асоратлар беморни анча ҳолдан тойдирдирган. Шу йил ўтказилган томография текширувларидан сўнг унда атеросклероз касаллиги аниқланиб, бош мия қон томирлари тўсилиб қолгани маълум бўлган.
Яна бир беморнинг тиббий текширувлардан кейин унинг уйқу артерияларини атероскелероздан тозалаш кераклиги аниқланган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали кардиожарроҳи Ҳондамир Мамадалиевнинг айтишича, уйқу артериясини атероскелероздан тозалаш — анчагина мураккаб муолажа. Бунинг учун беморнинг бўйин қисми жарроҳлик йўли билан очилиб, бош мияга кетган артериал қон томирлари холестериндан тозаланади. Бундай мураккаб операция Фарғонада илк бор ўтказилди.
Операция муваффақиятли ўтди.