Тожикистонда чегарачилар тўлиқ жанговар шай ҳолатига келтирилди

Бунга Афғонистон билан чегарада “Толибон”* ва “Ислом давлати”** ўртасидаги тўқнашув сабаб бўлган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Тожикистонда чегара қўшинлари бўлинмалари Афғонистон билан чегарадаги ҳодиса сабаб тўлиқ жанговар шай ҳолатига келтирилди. Бу ҳақда мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, 7 май куни Афғонистоннинг Тахор вилоятидаги Ҳожағар ҳудудида, 12-сонли Тожикистон чегара заставаси рўпарасида “Толибон”* радикал ҳаракати ва “Ислом давлати”** террорчилик гуруҳи ўртасида тўқнашув юз берган. Тўқнашувлар бир ярим соат давом этган. Тўқнашув бўлиб ўтган ер Тожикистон давлат чегарасига яқин.
Хабарда ёзилишича, жанг натижасида ўқлар Тожикистон ҳудудига ҳам учиб ўтган. Тожикистон томонидан қурбонлар ва моддий зарар қайд этилмаган.
“Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари бўлинмалари тўлиқ жанговар шай ҳолатига келтирилди. Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари давлат чегарасини ишончли ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар ва салоҳиятга эга”, - дейилган хабарда.
Қўмита тожик-афғон чегарасидаги вазият барқарор деб баҳоланаётгани ва у тожикистонлик чегарачилар назорати остида эканини қўшимча қилган.
*Ташкилот террорчилик фаолияти учун БМТ санкциялари остида.
** Россия ва қатор давлатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти