Ўзбекистонликлар 13 турдаги касалликларга қарши эмланяпти

Дифтерия, кўкйўтал, қоқшол, сил, вирусли гепатит В, полиомиелит, қизамиқ, қизилча, эпидемик паротит, ротавирус, пневмококк, гемофилиус инфлюэнца тип Б (ХИБ) инфекцияси, бачадон бўйни саратонига қарши режали вакцинация тадбирлари ўтказилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 май — Sputnik. Ўзбекистон аҳолиси 13 турдаги касалликларга қарши режали эмланмоқда. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим раҳбари Дилором Турсунова маълум қилди.
Мутахассисга кўра, мамлакатда Миллий профилактик эмлаш календари жорий этилган. Унга мувофиқ, 13 турдаги юқумли касалликлар — дифтерия, кўкйўтал, қоқшол, сил, вирусли гепатит В, полиомиелит, қизамиқ, қизилча, эпидемик паротит, ротавирус, пневмококк, гемофилиус инфлюэнца тип Б (ХИБ) инфекцияси, бачадон бўйни саратонига қарши режали вакцинация тадбирлари ўтказилади.
Профилактик эмлашлар учун 3 минг 138 та эмлаш пункти ажратилган. Чақалоқларни силга ва гепатит В га қарши эмлаш эса туғуруқ комплексларида амалга оширилмоқда.
“Аҳолини бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши эмлаш ушбу хасталикларни камайтириш, инфекция ўчоқларини жиловлаш ва бартараф этишда асосий восита ҳисобланади”, - дейди Дилором Турсунова.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши профилактик эмлашлар билан қамраб олиш даражаси 95-98 фоизни ташкил этган. Мамлакатда 2003 йилдан буён эмлашдан сўнг ножўя ҳолатлар рўйхатга олинмаган.
“Муҳими, иммунизация тадбирларининг мунтазам ва самарали олиб борилиши натижасида 1996 йилдан буён республикамизда ёввойи полиовируслар келтириб чиқарадиган полиомиелит касаллиги тугатилди ва Ўзбекистон 2002 йилда “Полиомиелитдан холи ҳудуд”, 2017 йилда эса “Қизамиқ ва қизилчанинг 36 ойлик элиминациясига эришган ҳудуд” номли халқаро сертификатларни олишга муваффақ бўлди”, - дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлими раҳбари.