Тошкент - Қарши - Шахрисабз йўналишида битта “Afrosiyob” қатнайдиган бўлди

"Тошкент - Шахрисабз" йўналишида қатнайдиган “Afrosiyob” поезди "Қарши" бекати орқали ўтади. Йўналишлар бир-бирини такрорлагани сабабли Қаршига қатнайдиган поезд бекор қилинган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 май — Sputnik. 7, 8 майдан бошлаб, ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари “Тошкент-Шаҳрисабз-Тошкент” йўналишида 758/757-сонли юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” замонавий поездлари қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда “O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” АЖ хабар берди.

Поезларнинг ҳаракат жадвали қуйидагича:

“Тошкент- Шаҳрисабз” йўналишида қатнайдиган 758-сонли “Afrosiyob” замонавий поезди Тошкент марказий вокзалидан соат 08:00 да қатнайди.
“Шаҳрисабз-Тошкент” йўналишида қатнайдиган 757-сонли “Afrosiyob” замонавий поезди эса Шаҳрисабз темир йўл вокзалидан соат 15:40 да ҳаракатини бошлайди.
“Бугунги кунда “Тошкент-Қарши-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган 760/759-сонли “Afrosiyob” замонавий поездларининг ҳар шанба, якшанба кунлари қатнови тўхтатилади”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, бугунги кунгача Тошкентдан Шаҳрисабзгача 4-сонли ва Шаҳрисабздан Тошкентгача 3-сон йўловчи поездлари қатнови амалга оширлган.
Юқорида қайд этилган 757 ва 758 сонли поездлар ҳам Қарши бекати орқали ўтади. Йўналишлар қисман бир-бирини такрорлагани сабабли фақат биттасини сақлаб қолишга қарор қилинган.