ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам ходимларини рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Таъкидланишича, бугунги кунда тез тиббий ёрдам бригадаларининг 500 дан ортиғида врач етишмаслиги, 6 мингдан ортиқ шифокорлар ўриндошлик асосида ишламоқда. Халқаро тажрибада барча чақирувлар учун ҳам врачлар бўлиши шарт эмас.
Шу муносабат билан чақирувларнинг мураккаблиги, долзарблиги ва турига кўра саралаш тизими жорий этилади. Янги ташкил этиладиган Колл-марказ диспетчерлари шунга қараб, врач ёки фельдшердан иборат тиббий бригадаларни йўналтиради.
Хорижий тажрибада тез ёрдам фельдшери бир вақтнинг ўзида ҳайдовчи ҳисобланади. Шу боис, янги ўқув йилидан тиббиёт техникумлари ва коллежларида фельдшерликка ўқиётган ёшлар бир вақтнинг ўзида ҳайдовчиликка ҳам ўргатилади.
“Шу билан бирга, кўрсатилган тиббий хизматларни беморлар томонидан холис баҳолаш орқали тез тиббий ёрдам ходимларини рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади”, - дейилган хабарда.
Бунда, ҳар чорак якунида фаолияти беморлар томонидан яхши баҳоланган бригадалар ходимлари ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида мукофотланади.