ТОШКЕНТ, 1 май — Sputnik. Владимир Путин “Россия Федерацияси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Россия Федерацияси фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудуди бўлиш тартиби тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш тўғрисида"ги қонунни имзолади.
Ўзбекистон фуқароларининг Россияда мажбурий рўйхатга олиниши (регистрация) ушбу мамлакатга кирган кундан бошлаб 15 кунгача узайтирилди. Бундай тартиб Ўзбекистонга келган Россия фуқароларига нисбатан амал қилади.
Илгари Ўзбекистон фуқаролари Россияга киргандан кейин 7 кун ичида, Ўзбекистонда россияликлар эса 3 кун ичида миграция рўйхатидан ўтишлари керак эди.
Ҳужжат 1 май куни ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги келишув 2021 йил 17 июн куни имзоланган.
Бундан аввал Россия Федерация Кенгаши битимни ратификация қилганди.
Ўзбекистон томони барча ратификация жараёнларини якунлаган.
Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Арманистон фуқароларига миграция рўйхатидан ўтиш учун 15 кунлик муддат белгиланган.