Uzbekistan Airways Рамазон ҳайити кунларида чегирма эълон қилди

Рамазон ҳайти кунларида “Ўзбекистон темир йўллари” ҳам “Афросиёб” поездининг қўшимча қатнови йўлга қўйилишини эълон қилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Ўзбекистонда Рамазон ҳайити байрами муносабати билан ички саёҳатга катта чегирмалар эълон қилинди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан байрам муносабати билан 2022 йил 2 майдан 4 майгача амалга ошириладиган маҳаллий авиақатновларнинг барча тарифларига 50 фоиз чегирма жорий қилинган.
Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан Рамазон Ҳайити байрами арафасида йўловчиларга янада кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида, 3-4-5 май кунлари, Самарқанд – Тошкент – Самарқанд йўналишида 767/768-сонли юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” поездининг қўшимча қатнови йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, “Вақф” хайрия жамоат фонди тасарруфидаги пуллик кириш чипталари жорий қилинган маданий мерос объектлари (зиёратгоҳ ва қадамжолар)да 30 апрель ҳамда 1-2-3-4 май саналарида мамлакат фуқаролари учун кириш чипталар нархига катталар учун 20 фоиз ҳамда ёшлар учун 50 фоиз чегирмалар жорий қилинган.
Шу билан бирга, Рамазон ҳайити муносабати билан Uzbekistan Airways 2 майдан 5 майгача Термиз, Нукус, Бухоро, Урганч ва Андижонга қўшимча авиақатновларни амалга оширади.