ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Халқаро молия корпорацияси (ХМК) Ўзбекистонда 500 мегаватт бўлган шамол электр станциялари қурилишида маслаҳат хизматини кўрсатади. Тегишли келишув Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва ХМК ўртасида имзоланди.
Вазирлик хабарига кўра, мазкур келишув мамлакатнинг яшил энергияга ўтиши ва электр энергиясига бўлган талабни қондиришга ёрдам беради.
Бу келишувга асосан ХМК Ўзбекистон бўйлаб қуриладиган шамол электр станцияларини қуриш ва улардан фойдаланиш учун хусусий сектор тажрибаси ва капиталини сафарбар қилиш мақсадида, давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳасини шакллантиришда маслаҳат хизматини кўрсатади.
Лойиҳада мамлакатнинг 2026 йилга қадар электр энергиясини ишлаб чиқаришда қайта тикланадиган манбалар улушини 25 фоизгача ошириш назарда тутилган.
“Ўзбекистон 2026 йилгача 5 гигаватт қувватга эга қуёш ва 3 гигаватт қувватга эга шамол электр энергиясини ишлаб чиқаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган”, - дейилади хабарда.
Маълумот учун, шамол электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланадиган арзон манбалардан бири бўлиб, ҳозирда дунё бўйлаб 743 гигаваттдан ортиқ қувватга эга станциялар мавжуд.