Ўзбекистон Афғонистонда юз берган террорчилик ҳаракатларини қоралади

Террорчилик ҳаракатлари Кобул, Мозори-Шариф ва Қундуз шаҳарларида содир этилган
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 апр - Sputnik. Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистонда юз берган террорчилик ҳаракатларини қоралади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилган.
Қайд этилишича, тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга сабаб бўлган зўравонлик ҳаракатлари Афғонистонда барқарор тинчлик ва миллий тотувлик ўрнатилишига тўсқинлик қилмоқда.
Ўзбекистон муқаддас Рамазон ойи кунларида Кобул, Мозори-Шариф ва Қундуз шаҳарларида содир этилган террорчилик ҳаракатларини қатъий қоралайди.
“Ўзбекистон томони ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради, шунингдек, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилайди”, - дейилади хабарда.
Маълумот учун, 20 апрель куни Кобулнинг ғарбий туманларидан биридаги таълим муассасалари яқинида камида учта портлаш содир бўлди. Дастлабки портлаш “Мумтоз” ўқув маркази яқинида, сўнгра яна иккита портлаш Абдул Раҳим Шаҳид ўгил болалар ўрта мактаби яқинида содир бўлган.
Афғонистон хавфсизлик ва соғлиқни сақлаш расмийларининг маълум қилишича, портлашлар оқибатида камида олти киши ҳалок бўлган, 11 киши яраланган.