ТОШКЕНТ, 22 апр - Sputnik. Фориш тумани “Эгизбулоқ” маҳалласида кучли сел оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда, деб хабар қилмоқда Жиззах вилояти ҳокимлиги.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, туман корхоналари вакиллари вҳамда кўнгилли ёшлар фаол иштирок этиб, аҳоли хонадонлари, томорқалари, маҳалланинг ички йўллари оқизиқлар, қум-шағалдан тозаланяпти.
Шунингдек, Фориш туман Ободонлаштириш бошқармасининг 129 нафар ишчилари сел оқибатларини бартараф этишда фаол иштирок этмоқда.
“Эгизбулоқ” маҳалласига вилоятдаги барча туманлардан ва ташкилот, муассасалари маҳаллалардан жамланган гуманитар ёрдам келиши давом этмоқда.
Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, кийим-кечак, кўрпа-тўшак, қурилиш материалларидан иборат гуманитар ёрдам маҳалладаги 15-умумтаълим мактабига тўпланиб, селдан талофат кўрган маҳалла аҳолисига етказиб берилаяпти.
Эслатиб ўтамиз, 20 апрель куни Жиззах вилоятининг Бахмал, Фориш, Ғаллаорол ва Ш.Рашидов туманларида сел келган эди. табиий офат оқибатида аҳоли яшаш жойлари, ижтимоий соҳа объектлари, экин майдонлари барбод бўлган, 5 киши қурбон бўлган эди.