Бу йил қайси синф ўқувчилари имтиҳон топширмайди

9 ва 11 синф битирувчилари қатор фанлардан якуний назорат имтиҳонларини топширадилар.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 апр — Sputnik. 2021/2022 ўқув йили якунида 5-6-7-8 ва 10-синфларнинг босқичли имтиҳонлари ўтказилмайди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда ХТВ ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова маълум қилди.
Хабарда айтилишича, мактаблардаги дарслар 25 май куни тугайди ва 9- ва 11-синф битирувчилари якуний назорат имтиҳонларини 26 майдан 15 июнга қадар топширишади.
Шунингдек, байрам муносабати билан қўшимча дам олиш кунларини инобатга олган ҳолда 9-синф ўқувчиларининг “Жисмоний тарбия” фанидан якуний назорат имтиҳонлари 2-7 майдан 11-14 май кунларига кўчирилади.
9 ва 11 синф битирувчилари қуйидаги фанлардан якуний назорат имтиҳонларини топширадилар:
9-синф - она тили ва адабиёт, ўзбек тили/рус тили, математика, тарих, жисмоний тарбия ва қўшимча равишда ўқувчиларнинг танлови асосида белгиланган фан бўйича;
11-синф - она тили ва адабиёт, математика, чет тили, тарих ва ва қўшимча равишда ўқувчиларнинг танлови асосида белгиланган фан бўйича.
Ўқувчи ўзи танлаган фандан имтиҳон топшириш учун бир ой олдин ариза ёзади. Вариатив ўқув режалари жорий этилган синфларда ҳам ҳудди шу тартиб қўлланилади.
Махсус сертификати бор (Давлат тест маркази томонидан бериладиган умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисида давлат сертификати, чет тили фани бўйича В1 ва ундан юқори В2, С1, С2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификат) битирувчилар имтиҳонлардан озод этилади.
Маълумот учун, бу йил мактабларни 390 мингдан ортиқ ўқувчи битиради. Аввалроқ, ушбу битирувчиларнинг 31 фоизи ҳали ҳам паспорт олмагани маълум қилинган эди. ХТВ ота-оналардан 16 ёшга тўлган мактаб битирувчиларининг ўз вақтида паспорт (ID-карта) олишини таъминлашни сўраган.