ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Жорий ўқув йилида мактабларни 390 мингдан ортиқ ўқувчилар битиради. Бугунги кунда 16 ёшга тўлган 122 мингдан ортиқ битирувчилар (31%) паспорт олмаган. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги (ХТВ) хабар бермоқда.
Вазирлик ота-оналардан 16 ёшга тўлган мактаб битирувчиларининг ўз вақтида паспорт (ID-карта) олишини таъминлашни сўраган. Мактаб маъмуриятлари эса битирувчиларнинг паспорт маълумотларини attestat.uzedu.uz сайтига киритиб боради.
Олий таълим муассасаларига абитуриентларнинг ҳужжатлари Давлат тест марказининг abitur.dtm.uz сайти орқали онлайн қабул қилинади. Онлайн ҳужжат топшириш учун битирувчиларнинг паспорт (ID карта) маълумотларини (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами – ЖШШИР) киритиш талаб этилади. Шу боис 16 ёшга тўлган битирувчилар ўз вақтида паспорт (ID карта) олишлари зарур.
Маълумот учун, 16 ёшга тўлган битирувчилар паспорт олишлари учун Ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига мурожаат этишлари мумкин.