ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ЙПХ ходимлари учун "Энг яхши йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими" танловини ўтказишни таклиф қилди.
Биринчи ўринни олган ходимга “Lacetti”, иккинчи ўринга “Nexia”, учинчи ўринга эса “Spark” берилади. Машиналарни ҳомийлар берган.
Танлов Мустақиллик куни байрами арафасида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Ходимлар фаолиятини ҳайдовчилар баҳолайди. Улар овоз бериши йўли билан энг яхши йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимини аниқлайдилар.
Шунингдек, шаҳар ҳокими ЙПХ ходимларини ҳайдовчилар билан хушмуомала бўлишга чақирди.
“Шаҳарда йилдан йилга автомобиллар сони ортиб бормоқда. Бунинг натижасида тирбандликлар юзага келмоқда. Буларни бир вақтнинг ўзида бартараф этиш қийин. ЙПХ ходимларини меҳнати пойтахтда энг оғир меҳнатлардан биттаси. 3,5 миллион аҳоли истиқомад қиладиган шаҳарда ЙПХ ходими бўлиш оғир”, - дейди ҳоким.
Ҳоким ҳар ой бир маротаба ЙПХ ходимлари билан учрашув ўтказиш режаси борлигини маълум қилди.