ТОШКЕНТ, 15 апр – Sputnik. “Ўзбектелеком” АЖ трансформация қилинади. Бу ҳақида Шавкат Мирзиёв ҳузурида бўлиб ўтган АКТ масалаларига бағишланган йиғилишда маълум бўлди.
“Ўзбектелеком” АЖ - жаҳоннинг нуфузли алоқа компанияларига ўхшаб, давлатга юқори даромад келтирувчи, сифатли хизматларни экспорт қилувчи, юқори технологик, даромадли ва намунали компания бўлиши керак”, - деди президент.
Бунинг учун, компаниянинг операцион харажатлари ва таннархини 15 %, қисқартириш, июль ойида халқаро рейтинг олишини таъминлаш ва келгуси йил мартда компанияни IPOга чиқариш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, йиғилишда ҳозирги мураккаб вазиятда киберхавфсизлик масаласига эътиборни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, 2022 йилнинг биринчи чорагида ахборот тизимларига четдан 200 тадан ортиқ киберҳужум уюштирилгани айтиб ўтилди.
“Шунинг учун бугун киберхавфсизлик тўғрисида Қонунни имзоладим. Бу янги қонун ҳозирги замон таҳдидларига қарши курашиш учун ҳуқуқий асос бўлади”, -деди Президент.
Йиғилишда барча вазирлик ва идоралар ахборот тизимларининг хавфсизлик даражасини ўрганишга кўрсатма берилди. Ахборот хавфсизлигига эътиборсиз бўлаётган раҳбарлар масъулияти кўриб борилади.
АКТ соҳаси илм-фан ва таълимни ривожлантириш устувор вазифа бўлиши кераклиги, бугунги кунда иқтисодиётни рақамлаштириш учун камида яна 12 минг нафар юқори малакали мутахассисларга талаб борлиги таъкидланди. АКТ вазирлигига икки ой муддатда Ахборот технологиялари университетини таянч илм-фан ва таълим кластерига айлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.