ХТВ ўқитувчиларга махсус устамалар тўлашни назоратга олди

Бошқа ҳудудлардан жалб этилган педогогларга 50 ва 100 фоизли махсус устамалар тўлаб берилади
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 апрель — Sputnik. Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга жалб этилган ўқитувчи-педагогларнинг махсус устамаларини тўлиқ тўлаб бериш бўйича топшириқ берилди. Бу ҳақида Халқ таълими вазирлиги хабар бермоқда.
Айтилишича, ҳозирги кунда айрим жойларда ўқитувчи-педагогларга белгиланган устамаларни тайинланиши турлича талқин қилиниб, уларни бюджетга қайтариш таъкидланмоқда. Бу эса ўз навбатида педогогларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
“Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида ҳудудий халқ таълими ва молия органларига Халқ таълими ва Молия вазирликларининг кўрсатмаси билан тегишли топшириқлар берилиб, юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш сўралди”, дейилади хабарда.
Ҳудудий халқ таълими ва молия органларидан қуйидагиларни назоратга олиш сўралган:
2020-2021 ва 2021-2022 ўқув йили учун ўқитувчи-педогогларнинг амалда белгиланган махсус усамалари тўлаб берилишини назоратга олиш;
2022-2023 ўқув йилидан мактабларга ўқитувчиларни жалб қилишни Вазирлар Маҳкамасининг 646-сон қарори билан тасдиқланган низом талабларига мувофиқ амалга ошириш;
Педогог ходимларга белгиланган махсус устамалар бўйича муаммоли ҳолатлар юзага келганда ҳал этиш юзасидан ҳамкорликда тезкор чоралар кўриш.
Айтилишича, президентнинг ПҚ-4940 сонли қарорига мувофиқ, ўтган йилдан бошлаб бошқа ҳудудлардан жалб этилган педогогларнинг базавий тариф ставкаларига бир маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида 50 фоиз ҳамда бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан жалб этилганда 100 фоиз махсус устамалар тўлаб келинмоқда.
Эндиликда мактабларда дарс бериш учун мурожаат қилган ва саралашдан муваффақиятли ўтган ўқитувчи-педагоглар рўйхати 10 августга қадар эълон қилинади.