Қўшработда илк бор тўхтаб турган юракда очиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилди

Тиббий кўрикда юрак операциясига муҳтож деб топилган 60 нафар қўшработлик беморнинг барчаси операция қилинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 апр — Sputnik. Самарқанд вилоятининг олис ҳудуди — Қўшработ туманида тўхтаб турган юракда очиқ жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бундай операция вилоятда илк бор туман миқёсида бажарилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд филиали мутахассислари бошчилигида бир ҳафта давомида туманда тиббий кўриклар ташкил этилган.
“1200 нафар аҳоли вакили скрининг текширувларидан ўтказилиб, уларнинг 300 нафарида турли юрак-қон томир касалликлари аниқланди. 57 нафарида эса кардиохирургик амалиёти ўтказилиши режалаштирилди. Хусусан, тиббий кўрик вақтида шошилинч кардиохирургик амалиётга муҳтож 5 нафар фуқаро танлаб олиниб, уларнинг 3 нафарида мазкур операция мувафаққиятли бажарилди”, - дейилади хабарда.
Қувкалла маҳалласида яшовчи Муниса Аҳмедованинг қизига ҳам юрак нуқсони ташхиси қўйилди ва бемор операция қилинди.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали бош шифокори Мақсуд Саидовнинг маълум қилишича, тиббий кўрикда юрак операциясига муҳтож деб топилган 60 нафарга яқин қўшработлик беморнинг барчаси шу ернинг ўзида операция қилиниб, соғломлаштирилади.
Туман шифокорларининг вилоят марказида малака ошириши йўлга қўйилади. Келгусида бундай мураккаб амалиётлар маҳаллий кардиожарроҳлар томонидан бажарилиши режалаштирилган.