ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Ўзбекистон ва Россия корхоналари поябзал ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистонда қўшма корхона ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқишди. Бу ҳақда "Ўзчармсаноат" уюшмаси хабар бермоқда.
"Ўзчармсаноат" уюшмасида Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Савдо ваколатхонаси кўмагида Россиянинг "Avanti" МЧЖ компанияси раҳбарияти билан онлайн учрашув бўлиб ўтди. Музокараларда асосий эътибор Ўзбекистон корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотларини Россияга экспорт қилиш масаласига қаратилди.
Ўзбекистон чарм-пойабзал саноатида фаолият олиб бораётган компаниялар вакиллари хорижлик ҳамкорларга ўз корхоналарининг имкониятлари, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ассортименти ҳақида маълумот беришди.
“Россия корхонаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, унинг ишлаб чиқариш салоҳияти билан яқиндан таништирилди. Зарур маҳсулотларни Ўзбекистондан импорт қилиш бўйича таклифлар илгари сурди. Улар орасида пойабзал устки қисми учун бланкалар, канвас каби тўқимачилик маҳсулотлари мавжуд”, дейилади хабарда.
Учрашувда Россиялик ҳамкорлар Ўзбекистон корхоналари билан ҳамкорлик қилиш ниятида эканликларини билдирди. Россияда ишлаб чиқариш учун хомашё ва материалларни харид қилиш, устки қисмлар учун бланкалар тикишга буюртмалар бериш ва Ўзбекистонда қўшма корхона ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Хабарда айтилишича, томонлар ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар. "Ўзчармсаноат" уюшмаси ва Россия томони келгусидаги ҳамкорлик мулоқотини 25-27 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган "UzCharmExpo 2022" халқаро кўргазмаси доирасида давом эттиради.
Маълумот учун, Россиянинг "Avanti" компанияси 18 йилдан буён Россия бозори учун спорт ва хореография пойабзалларини ишлаб чиқаради. Тайёр маҳсулотларни етказиб бериш йирик чакана савдо тармоқларида амалга оширилади, шунингдек, компания Ozon вa Wildberries бозорларига тўғридан-тўғри кириш имкониятига эга.